Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 20 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Сана: 18.10.2015

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 20 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Унинг ишида Арманистон, Афғонистон, Бельгия, Венгрия, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Покистон, Россия, Таиланд, Тожикистон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистонда фаолият юритаётган Конституциявий судлар ва конституциявий назоратни амалга оширувчи бошқа идораларнинг 30дан ортиқ вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, конституциявий ҳуқуқ бўйича ҳуқуқшунос олимлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

          Тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Тадқиқот маркази ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мамлакатимиз Конституциявий судининг фаолияти Конституцияни муҳофаза қилишга қаратилган, – деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Б.Мирбобоев, – Шу тариқа унинг нормалари ва принциплари устунлигини, унда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари дахлсизлигини таъминламоқда. Конституциявий суд айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини аниқлаш, Конституция ва қонунларнинг нормаларига шарҳ бериш, қонунчилик ташаббусини амалга ошириш ваколатлари воситасида ҳокимият тармоқлари бўлиниши принципини таъминлайди ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилади.

Анжуманда Ўзбекистон мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлини танлаганлиги, мамлакатимиз иқтисодиётини мафкурадан холи этиш ва унинг сиёсатдан устунлигини таъминлаш, давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини бажариши, қонун устуворлигига эришиш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ислоҳотларни босқичма-босқич ва тадрижий амалга ошириш каби беш тамойилга асосланган, “ўзбек модели” деб ном олган ўз тараққиёт йўлидан қатъий бораётганлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида эътироф этилганидек, “Maълумки, ўтгaн дaвр мoбaйнидa мaмлaкaтимиздa дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaрувини дeмoкрaтлaштириш сoҳaсидa aмaлгa oширилгaн ислоҳoтлaр ўтa муҳим бир мaқсaдгa, яъни ҳoкимиятлaр бўлиниши кoнституциявий принципини ҳaётгa изчил тaтбиқ этиш, ҳoкимиятлaр ўртaсидa ўзaрo тийиб туриш вa мaнфaaтлaр мувoзaнaтининг сaмaрaли тизимини шaкллaнтириш, мaркaздa вa жoйлaрдa қoнун чиқaрувчи вa вaкиллик ҳoкимиятининг вaкoлaтлaри ҳaмдa нaзoрaт вaзифaлaрининг рoлини кучaйтириш, суд тизимини либeрaллaштириш вa унинг мустaқиллигини тaъминлaш бўйичa ғoят дoлзaрб чoрa-тaдбирлaрни кўришгa қaрaтилгaн эди”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳуқуқий давлатнинг ниҳоятда муҳим принципи бўлган ҳокимиятлар бўлиниши принципини мустаҳкамланганлиги ҳамда ушбу принципни изчиллик билан ҳаётга жорий этилиши туфайли чорак асрлик мустақиллик йиллари давомида мамлакатда халқчил ва демократик давлат ҳокимияти тизими шакллантирилди. Айни мана шу конституциявий принцип боис Ўзбекистонда суд ҳокимияти, шу жумладан, унинг марказий бўғини – Конституциявий суд, давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида қарор топди ва фаолият юритмоқда.

Конференцияда таъкидландики, мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини изчил ва тизимли равишда амалга ошириш, ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг, давлат ва жамият олдида турган вазифаларни ҳал этишда ўзаро келишилган ҳолда фаолият юритиш ва ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ва изчил давом эттирилиши келгусида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг янада самарали фаолият юритиши долзарблигини белгилайди.

Бўлиб ўтган икки кунлик конференцияда унинг иштирокчилари Конституциявий суднинг ҳокимиятлар бўлиниши принципини татбиқ этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамияти, конституциявий одил судловнинг долзарб масалалари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Миллий ва ҳорижий экспертларнинг фикрича, конституциявий одил судлов – демократик давлатчиликнинг муҳим сифат белгиси. Конституциявий одил судлов конституциявий назоратнинг олий шакли бўлиб, замонавий демократик давлатчиликнинг алоҳида талаби, зарурий институти, Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда қонунийлик муҳитини яратиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашнинг ишончли гарови сифатида майдонга чиқади.

Конституциявий суд ҳокимиятлар бўлиниши принципи ҳаётга жорий этилишини таъминлашда алоҳида роль ўйнайди, – деди Россия Федерацияси Конституциявий суди судьяси М.Клеандров. У қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўриш орқали ҳар бир ҳокимият тармоғининг ўз ваколати доирасида иш юритаётганлиги, уларнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилинганлигига ҳам баҳо беради ҳамда шу орқали ҳуқуқий давлатнинг муҳим шарти ҳисобланган қонун устуворлигини рўёбга чиқишига кўмаклашади.

Хорижий давлатларда конституциявий назорат органларининг ваколатларини кенгайтириш, институционал ва вазифаларга доир мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда ушбу идораларнинг қарорларини ижро этиш бўйича аниқ ва ойдин механизмларини жорий этиш воситасида конституциявий назорат идораларининг ҳокимиятлар бўлиниши принципини амалга оширишдаги ролини кучайтириш тенденцияси кузатилмоқда, – деб таъкидлади Корея Республикаси Конституциявий суди судьяси Чанг Жонг Ким.

Малайзия Аппеляция суди раиси Тан Сри Раус Шарифнинг фикрича, конституциявий назоратнинг самарадорлигини таъминлашда конституциявий назорат объектларини ва уларни кўриб чиқиш чегараларини аниқ белгилаш  ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунда меъёрларнинг суд назорати ҳар томонлама қамраб олинишини таъминлаш ҳам долзарб ҳисобланади. Конституцияга мувофиқ бўлмаган бирон-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат суд назоратидан четда қолиб кетмаслиги, шунингдек, суд органлари назорат ваколатлари такрорланмаслиги лозим.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий тизимни модернизация этиш жараёнларида Конституциявий суд алоҳида ўрин тутмоқда. Ҳуқуқий тизимни, конституциявий қадриятларни муҳофаза қилишда, уларни халқимизнинг турмуш тарзига сингдиришда эътиборга молик ишларни амалга оширмоқда.

Келгусида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятининг янада такомиллаштирилиши, судлов жараёнларининг модернизация қилиниши ва демократлашувига, конституциявий одил судловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг самарали ва ўз вақтида ҳимояланишини мустаҳкамлашга қаратилмоғи лозим.

Амалий мулоқот руҳида ўтган халқаро конференция якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.