Халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

Сана: 16.06.2016

Халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

Тошкентда “Конституциявий суд ишларини юритишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унинг ишида Болгария ва Германия Федератив Республикаси конституциявий судларининг вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари ва Сенати аъзолари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, конституциявий ҳуқуқ соҳаси мутахассислари, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжуманда алоҳида таъкидланганидек, Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлини танлади. Мамлакатимиз “ўзбек модели” деб тан олинган ўз тараққиёт йўлидан қатъий бормоқда.

Маълумки, демократик жамият ва ҳуқуқий давлат мавжуд бўлиши ва фаолият юритишининг муҳим шартларидан бири Конституция устуворлигининг таъминланишидир.

Конституциявий судлар конституциявий тузум асосларини, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конституциянинг устунлигини ва унинг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлаш, яъни Конституцияда эълон қилинган ва кафолатланган асосий қадриятларга риоя этиш ва таъминлаш мақсадида суд ҳокимиятини конституциявий суд ишларини юритиш шаклида мустақил амалга оширишга ихтисослашган махсус конституциявий назоратни амалга оширувчи олий орган ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида конституциявий назоратни амалга оширувчи махсус орган – қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатларини Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрадиган Конституциявий судни ташкил этиш ва фаолият юритиши назарда тутилди.

1995 йилда Конституциявий суд ва судьяларнинг ҳуқуқий ҳолати, конституциявий ишларни кўриб чиқиш асосларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилинди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасида Конституциявий суднинг фаолияти Конституцияни ҳимоя қилиш, унинг нормалари ва принципларини ҳамда унда қатъий мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилганлиги эътироф этилди.

Конституциявий суд айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини аниқлаш, Конституция ва қонунларнинг нормаларига шарҳ бериш, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш ваколатлари воситасида Конституция, унинг нормалари ва принциплари устунлигини изчил таъминламоқда.

Давра суҳбатида таъкидландики, давлат ҳокимияти тизимини изчиллик билан такомиллаштириш ва мазкур ҳокимиятни мунтазам ўзгараётган ижтимоий муносабатлар билан уйғунлашиб бориши келгусида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш долзарблигини белгилаб беради.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан Конституциявий суднинг конституциявий-ҳуқуқий ҳолати, унинг давлат ҳокимияти тизимида тутган ўрни ва Конституциянинг устунлигини таъминлашдаги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги роли, конституциявий одил судловни таъсирчанлигини ва самарадорлигини оширишга доир таклифлар муҳокама қилинди.

Миллий ва хорижий экспертларнинг фикрича, конституциявий одил судлов – демократик давлатчиликнинг муҳим сифат белгисидир. Конституциявий одил судлов конституциявий назоратнинг олий шакли, замонавий демократик давлатнинг алоҳида талаби, зарурий институти бўлиб, Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда қонунийлик муҳитини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатларини яратишнинг ишончли гарови сифатида намоён бўлмоқда.

Конституциявий суд Конституциянинг норма ва принципларини ҳаётга татбиқ этишни таъминлашда алоҳида роль ўйнайди. Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўриш орқали, ҳар бир ҳокимият тармоғининг ўз ваколати доирасида иш юритаётганлиги, уларнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилинганлигига баҳо беради ҳамда шу орқали ҳуқуқий давлатнинг муҳим шарти ҳисобланган Конституция устунлигини рўёбга чиқишига кўмаклашади.

Хорижий мамлакатларда конституциявий судларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасидаги функцияси тобора кучайиб бораётганлиги, фуқароларнинг конституциявий одил судловга мурожаат қилиш ҳуқуқлари кенгая ётганлиги кузатилмоқда, бу эса ўз навбатида суд химоясига бўлган конституциявий ҳуқуқларни амалга оширишга ижобий таъсир ўтказади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий тизимни модернизация этиш жараёнларида Конституциявий суд алоҳида ўрин тутмоқда. Конституциявий суд ҳуқуқий тизимни, конституциявий қадриятларни муҳофаза қилишда, уларни халқимизнинг турмуш тарзига сингдиришда эътиборга молик ишларни амалга оширмоқда.

Келгусида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятининг янада такомиллаштирилиши судлов тартиб-тамойилларининг  модернизация қилиниши ва демократлашувига, конституциявий суд ишларини юритишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг самарали ва ўз вақтида ҳимояланишини мустаҳкамлашга қаратилмоғи лозим.

 

Амалий мулоқот руҳида ўтган халқаро давра суҳбати якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.