Халқаро конференция бўлиб ўтди

Сана: 02.12.2016

Халқаро конференция бўлиб ўтди

2016 йил 2 декабрда Тошкент шаҳрида “Давлат бошлиғи сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва ривожланган давлатлар тажрибаси” мавзудаги халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистонлик иштирокчилар билан бир қаторда, 22 та мамлакатдан, Сайлов органларининг бутунжаҳон ассоциациясидан ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти 80 дан ортиқ чет эллик экспертлар иштирок этди.

Конференция доирасидаги учта ялпи мажлис давомида 20 та маъруза эшитилиб, уларнинг муҳокамасида ҳам Ўзбекистонлик, ҳам чет эллик экспертлар фаол иштирок этдилар.

Маърузачилар таъкидлаганидек, Ўзбекистон мустақилликка эришгач ўз олдига инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни мақсад қилиб қўйди. Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири эса унда демократик сайлов тизимининг мавжудлигидир. Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсади этиб белгиланди. Ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида белгиланган Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади деган қоидани ҳаётга татбиқ этишга қаратилди. Миллий тажриба ҳамда илғор хорижий амалиётни ва умум эътироф этилган халқаро демократик стандартларни ўрганиш асосида Ўзбекистонда самарали сайлов қонунчилигини шакллантириб, умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш, шунингдек ошкоралик ва очиқлик сайловларнинг асосий принциплари этиб мустаҳкамлаб қўйилди. Бунда сайловга оид қонун ҳужжатлари, шу жумладан “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун такомиллаштирилиб борилди.

Ўзбекистон Республикасида сайлов тизимини ривожлантиришнинг энг муҳим хусусияти  унинг бошқа демократик ўзгаришлар билан бир қаторда ва ўзаро алоқадорликда босқичма-босқич, изчил демократлаштирилиши ва модернизация қилишида бўлди. Иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, демократик ислоҳотларнинг изчиллиги, босқичма-босқичлиги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ривожланишнинг “Ўзбек модели” негизида ётувчи бешта тамойилнинг бири ҳисобланади.

Давлат бошлиғи томонидан ишлаб чиқилган ва парламент томонидан қабул қилинган “Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” 2010 йилдан бошлаб мамлакатимиз сайлов тизимини демократик ривожлантиришнинг муҳим босқичини бошлаб берди. Концепцияда илгари сурилган асосий ғоялар асосида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига сўнгги йилларда киритилган тузатишлар жиддий характерга эга бўлиб, сайлов тизимини янада демократлаштиришга қаратилди.

Конференция иштирокчилари томонидан сайловнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар, шунингдек 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш амалиёти ижобий баҳоланди. Хусусан, ўтган йилнинг март ойида бўлиб ўтган президент сайловларидан кейин 2015 йил декабрь ойида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ижобий баҳоланди. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок эта олишини енгиллаштириш мақсадида Президентликка кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи зарур бўлган имзолар сонининг 5 фоиздан 1 фоизга қисқартирилгани, сайловолди ташвиқоти тушунчаси, уни ўтказиш шакллари, турлари ва усуллари тўғрисидаги норманинг мустаҳкамлаб қўйилгани, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши, муддатидан олдин овоз бериш муддатлари, тартиби ва жараёни мустаҳкамлаб қўйилгани, овоз бериш бошланишига бир кун қолганида ташвиқот қилинмаслиги ва бошқа ўзгартиш ва қўшимчалар алоҳида кўрсатиб ўтилди. Мазкур ўзгартишларнинг барчаси миллий сайлов қонун ҳужжатларининг умум эътироф этилган сайлов стандартларига янада мувофиқлаштириш мақсадида киритилган.

Сайлов комиссиялари ишининг очиқлиги ва ошкоралиги, хусусан сайлов участкаларида сиёсий партиялардан, шунингдек халқаро кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитларнинг яратилганлиги Ўзбекистонда сайловчилар фаоллигининг асосий омили ҳисобланади.

Сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайлов жараёни иштирокчилари учун семинар-тренинглар ўтказиш ва кенг тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича комплекс чора-тадбирлар, кўпроқ сайловчиларни қамраб олиш мақсадида Президентликка нозмодларнинг сайловчилар билан бўлган учрашувларини видеоконференц алоқа режимида ўтказилиши, Марказий сайлов комиссияси ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳузурида сайлов билан боғлиқ шикоятларни қабул қилиш бўйича ишонч телефонларининг ташкил этилиши, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов бюллетенларининг кўзи ожиз сайловчилар учун Брайл алифбоси асосида чоп этилганлиги юқори баҳога сазовордир.

Ўзбекистон Республикаси сайлов қонун ҳужжатларига халқаро сайлов стандартларнинг айрим нормаларини имплементация қилиш, Германия Федератив Республикасида сайловчилар хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини таъминлаш, Нидерландияда сиёсий гуруҳлар, номзодлар ва сайловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Сайлов органлари бутунжаҳон ассоциацияси ва Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг ҳамкорлиги, АҚШ Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари, Францияда сайлов кампаниялари давомида жамоатчилик фикри сўровларининг роли тўғрисидаги маърузалар конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Конференция иштирокчиларининг асосий хулосаси шундан иборат бўлдики, мамлакатни изчил модернизация қилиш ва демократлаштириш пировардида Ўзбекистонда халқаро демократик принциплар ва стандартларга тўла мос бўлган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминловчи самарали ҳуқуқий база яратилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон сайлов тизимини демократик модернизация қилиш ислоҳотлари маълум вақт билан чекланмайди. Ўзбекистонда бундан буён ҳам халқаро сайлов стандартлари, конференция иштирочиларининг маърузаларида баён этилган ва сайловни ўтказиш амалиётини янада демократлаштиришга қаратилган ривожланган демократик давлатларнинг ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда сайлов тизимини, сайлов қонун ҳужжатларини такомиллаштириш йўлларини излаш бўйича ишларни давом эттириш лозим бўлади.