Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Сана: 01.12.2017

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25-йиллигига бағишланган “Демократик ҳуқуқий давлат қуришда Конституциянинг роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 20 июндаги фармойишига мувофиқ ўтказилди.

Конференция Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан ташкил этилди.

Конференцияда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси аъзолари ва айрим Европа мамлакатлари конституциявий назорат органларининг вакиллари (жами 20 та мамлакатдан), шунингдек Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди. Анжуманда мамлакатимиз парламенти аъзолари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирликлар ва идоралар, илмий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек “мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда”. 

Конференция халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қўйилган вазифаларни амалга ошириш ва мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлашдаги роли ва аҳамиятини очиб бериш, шунингдек ривожланган демократик давлатлар конституционализми тажрибасини ўрганишга бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Б.Мирбобоев ўз маърузасида қайд этганидек, Конституция қабул қилинган кундан бошлаб ўтган 25 йил давомидаги мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз эришган улкан ютуқ ва марралар, юртимиз тараққиётининг жадал суръатлари аввало Конституциямизнинг ҳаётийлиги ва салоҳиятидан, унда мужассамланган принциплар ва нормалар қанчалик пухта ўйланганлигидан далолат бермоқда.

Анжуманда Туркия Республикаси Конституциявий судининг Президенти Зухту Арслан, Индонезия Республикаси Конституциявий судининг раиси Ориф Хидоят, Тожикистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Маҳкам Маҳмудзода ва бошқалар сўзга чиқишди.

Ўз чиқишларида хорижий экспертлар Ўзбекистон халқини  Конституция қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашини, шунингдек, инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратишини таъкидлашди.

Улар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини, халқ билан мулоқот тизими йўлга қўйилганлигини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва халқ қабулхоналарининг  фаолиятини Асосий қонуннинг норма ва принципларини ҳаётга янада кенгроқ татбиқ этилишига, шу жумладан Конституциянинг 2-моддасида белгиланган давлатнинг халқ иродасини ифода этиши ва унинг манфаатларига хизмат қилишини назарда тутувчи норманинг амалга оширилишига хизмат қилиши сифатида юқори баҳоладилар.

Конституцияга мувофиқ давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳаларидаги ўтказилаётган ислоҳотлар Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишга хизмат қилади.

Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистонда ягона Олий суд, маъмурий ва иқтисодий судларнинг ташкил этилганлиги, судьялар ҳамжамиятининг органи ‒ Судьялар олий кенгашининг тузилганлиги уларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Буларнинг  барчаси фуқароларнинг, жисмоний ва юридик шахсларнинг, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини албатта мустаҳкамлайди, деган фикр билдирилди.

Конференция иштирокчиларининг фикрича “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришда, ишончли ҳимоясини таъминлашда, жамиятда қонун устуворлигини қарор топтиришда конституциявий одил судловнинг ролини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мазкур қонунга асосан Конституциявий суд конституциявий қонунларни, шунингдек, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни мамлакат Президенти имзолагунига қадар Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ваколати билан таъминланди.

Қайд қилиндики, Конституциявий судга ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш ваколатининг ҳам берилганлиги Конституция устунлиги принципини  таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Конференция иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари ва принципларига риоя қилиш, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуришда халқаро ҳуқуқ нормалари ва ривожланган давлатлар  тажрибасини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш масалалари юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.

 

Амалий мулоқот руҳида ўтган халқаро конференция якунлари бўйича тегишли ҳужжат қабул қилинди.