Конституциявий назоратни амалга ошириш соҳасидаги тажриба алмашинуви

Сана: 03.07.2018

Конституциявий назоратни амалга ошириш соҳасидаги тажриба алмашинуви

 

ЕҲХТнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида 2018 йил 28 июнда Россиянинг конституцивий назорат соҳасидаги тажрибасини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қуйидаги таркибдаги делегацияси: Конституциявий суд раисининг ўринбосари А.Б.Ғафуров, судьялари Ф.А.Қаюмов, С.Р.Кошаева, Б.Д.Миралимов, котибият мудири А.К.Рахимов, катта эксперти Н.Ш.Саид-Газиева ҳамда ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори миллий маслаҳатчиси И.М.Файзуллин Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши, Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институти, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думасига ташриф буюрдилар.

Федерация Кенгашида делегация аъзолари Федерация Кенгашининг Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси раиси А.А.Клишас билан учрашдилар. Учрашув қатнашчиларига қўмита раиси А.А.Клишас Федерация Кенгаши Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида, шу жумладан Россия Федерациясининг Конституциявий суди билан ҳамкорлиги ҳақида сўзлаб берди. Сенатор Россия парламент аъзоларининг Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади.

Делегация раҳбари А.Ғафуров ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг янги босқичи бошланганлигини таъкидлади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида унинг ушбу йилларда ривожланишнинг устивор йўналишларини мустаҳкамланган.

“Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида биз учун халқаро тажрибани ўрганиш муҳим, шу билан бирга Россия тажрибасини ҳам. Хусусан, парламентнинг Конституциявий суд билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бизни қизиқтиради”, – деди А.Ғафуров.

Учрашувда Федерация Кенгаши Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Владимир Джаббаров ва Федерация Кенгаши Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси аъзоси Александр Башкин иштирок этди.

Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институтида делегация аъзоларини Институт директори академик Т.Я.Хабриева кутиб олди. Учрашувда бош илмий ходим В.В.Лазарев, конституциявий ҳуқуқ бўлими мудири А.Е.Постников, хорижий ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик маркази мудири А.И.Ковлер, суд амалиёти ва ҳуқуқни қўллаш бўлими мудири Х.И.Гаджиев, халқаро ҳамкорлик бўлими мудири в.б. А.М.Белялова иштирок этдилар.

 

Учрашувда Институт фаолияти тўғрисида маълумот берилди, айниқса делегация аъзоларини Институтнинг қонун ижодкорлиги жараёнида иштирок этиш тажрибаси ва унинг Россия Федерацияси Конституциявий суди билан ҳамкорлиги қизиқтирди. Томонлар шунингдек, тажриба алмашиниш ва Ўзбекистон Республикасида қонун ижодкорлигини такомиллаштириш фаолияти Концепциясини тайёрлашга кўмаклашишни муҳокама қилдилар.

 

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думасида бўлиб ўтган учрашувда Давлат Думаси депутати К.К.Тайсаев, МДҲ ишлари, евросиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар бўйича қўмитаси девони раҳбари М.И.Кротов иштирок этди. Россия томони делегацияни Давлат Думасининг қонун ижодкорлиги фаолияти, хусусан ушбу қўмита фаолияти билан таништирди.

2018 йил 29 июнда делегациянинг Россия Федерацияси Конституциявий суди раисининг ўринбосари С.П.Маврин ва судьялари билан учрашуви бўлиб ўтди. С.П.Маврин делегацияни Конституциявий судда фуқароларнинг конституциявий мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби билан батафсил таништирди.

Барча учрашувлар юқори даражада ва дўстона муҳитда бўлиб ўтди.

Мазкур лойиҳа доирасида Франция давлат бошқаруви органларининг конституциявий назорат соҳасидаги тажрибаси билан танишиш ҳам кўзда тутилган. Делегация аъзолари Франция Конституциявий кенгаши, Давлат кенгаши, Сенати ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди вакиллари билан ҳам учрашади.

 

                                                                          Ўзбекистон Республикаси

                                                                          Конституциявий судининг

                                                                           котибияти