Давра суҳбати бўлиб ўтди

Сана: 30.05.2018

Давра суҳбати бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори томонидан “Конституциявий суд давлат ҳокимияти органлари тизимида: вазифалар ва истиқболлар” мавзусида ташкил этилган давра суҳбати бўлиб ўтди.  

Тадбирда парламент аъзолари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар, олий ўқув юртлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.  

Маълумки, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилаб берилган эди. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш; маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш; жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш; суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш; юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш унинг асосий йўналишларидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 13 июнда бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида, адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келганлигини таъкидлаган эди. Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришда қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланади.

Давра суҳбати давомида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлашга, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини том маънода ҳимоя қилишга, мамлакатимизда демократияни ривожлантиришга қаратилганлиги таъкидланди.

Ягона Олий суднинг ташкил этилганлиги, маъмурий ва иқтисодий судларнинг тузилганлиги, судьялар ҳамжамиятининг янги органи сифатида Судьялар олий кенгашининг ташкил этилганлиги каби тадбирлар анжуман иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Уларнинг фикрича, бу тадбирларнинг барчаси фуқаролар, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини ғоятда кучайтиради.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқларини конституциявий одил судлов орқали ҳимоя қилиш соҳасини ҳам қамраб олди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108 ва 109-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар асосида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинди. Тадбир иштирокчиларининг фикрига кўра, ушбу қонун шубҳасиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш ва ишончли ҳимоя қилишга ҳамда конституциявий одил судловнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришга хизмат қилади. Унга мувофиқ, Конституциявий судга қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, Конституциявий суднинг конституциявий қонунларни, шунингдек, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни мамлакат Президенти имзолагунига қадар Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ваколати муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Конституциявий судга ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш ваколати берилганлиги Конституция устунлиги принципини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришга қаратилган муҳим тадбир эканлиги таъкидланди.

Давра суҳбати давомида Конституциявий суднинг давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий институтлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлиги каби масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишни такомиллаштириш, Конституциявий суднинг парламент палаталари, Олий суд, Омбудсман билан ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги масалаларга тўхталиб ўтилди. Конституциявий суднинг ушбу органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбир Конституциявий суднинг давлат ҳокимияти органлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий институтлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларини том маънода ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлигини такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Амалий мулоқот руҳида ўтган давра суҳбати якунлари бўйича тегишли ҳужжат қабул қилинди.

 

                                                                            Ўзбекистон Республикаси

                                                                            Конституциявий судининг

                                                                            котибияти