ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцивий суди Европа ва Осиёнинг ривожланган демократик мамлакатлари Конституциявий судлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

2010 йил 12 июлда Жакарта шаҳрида Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Мўғилистон Республикаси, Таиланд Қироллиги, Филиппин Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси томонидан Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциацияси ташкил этилди. Кейинчалик Россия Федерацияси, Туркия, Тожикистон, Покистон, Қозоғистон, Афғонистон, Озарбайжон ва Қирғиз Республикаси Конституциявий судлари ёки конституциявий назоратни амалга оширадиган органлари ҳам ушбу Ассоциацияга аъзо этиб қабул қилинди. Ассоциация мустақил, сиёсий бўлмаган ташкилот ҳисобланиб, унинг асосий вазифалари давлат ҳуқуқи ва конституциявий юрисдикция бўйича симпозиумлар ўтказиш, тажриба алмашишга кўмаклашиш, Конституциявий судлар мустақиллигини мустаҳкамлашда техник ёрдам кўрсатишдан иборат. Ушбу халқаро ташкилотнинг таъсис этилиши Осиё мамлакатларида конституциявий одил судловни амалга ошириш соҳасидаги ижобий тажриба билан алмашиш учун кенг имкониятлар яратади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди жаҳоннинг 95 та мамлакатининг Конституциявий судларини ўзида бирлаштирган, Венеция Комиссияси ҳомийлигида ташкил этилган Конституциявий одил судлов бўйича умумжаҳон конференциясига ҳам аъзо.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди бевосита хорижий давлатлар конституциявий назорат органлари билан ҳам ҳуқуқий ахборот ва конституциявий назорат амалиёти доирасида тажриба алмашиш ишларини амалга ошириб келмоқда.