СУД ҲАҚИДА

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрадиган суд ҳокимияти органи ҳисобланади.

Конституциявий суд:

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мослигини аниқлайди;

Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг нормаларига шарҳ беради;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан ўзининг ваколатлари доирасига киритилган бошқа ишларни кўриб чиқади.

Конституциявий суд фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.

Конституциявий суднинг қарорлари матбуотда эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради. Улар қатъий ва улар устидан шикоят қилиш мумкин эмас.