ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

(Ўбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан 2015 йил 17 апрелда қабул қилинган)

Ушбу Регламент Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида (бундан буён матнда – Конституциявий суд) иш юритиш тартиби ва Конституциявий суд фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалаларини белгилайди.

I. Асосий қоидалар

1-модда. Конституциявий суднинг вазифаси

Конституциявий суднинг вазифаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устуворлигини таъминлаш мақсадида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ҳужжатларининг конституциявийлиги устидан суд назоратини амалга оширишдан иборатдир.

2-модда. Конституциявий суднинг ваколатлари

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқ Конституциявий суд:

1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мослигини аниқлайди;

2) Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

3) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколат доирасида бошқа ишларни ҳам кўриб чиқади:

а) Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритади;

б) Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 95-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасини, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишида маслаҳат беради;

в) «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини аниқлайди;

г) «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасига мувофиқ Конституциявий суднинг судьясини жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортишга, шунингдек ҳибсга ва уй қамоғига олишга розилик бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;

д) «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига мувофиқ Конституциявий суд судьясининг ваколатларини тўхтатади;

е) «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига мувофиқ Конституциявий суднинг Регламентини қабул қилади.

Конституциявий суд ўзининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.

3-модда. Конституциявий суд фаолиятининг асосий принциплари

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига содиқлик, мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик ва судьялар ҳуқуқларининг тенглиги Конституциявий суд фаолиятининг асосий принципларидир.

4-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига содиқлик

Конституциявий суд ишларни ҳал этишда фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига амал қилади.

5-модда. Конституциявий суднинг мустақиллиги

Конституциявий суд ҳамда унинг судьялари ўз фаолиятларида мустақилдирлар ва фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунадилар.

Конституциявий суднинг судьялари қарор қабул қилаётганда, амалий мақсадга мувофиқлик мулоҳазалари, сиёсий мойиллигидан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз ҳуқуқий нуқтаи назарларини ифодалайдилар.

Конституциявий суднинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга биноан жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Конституциявий суднинг мустақиллиги Конституциявий суд судьяларини сайлаш ва улар ваколати тугатилишининг қонун билан белгиланган тартиби, судьяларнинг дахлсизлиги, конституциявий одил судловнинг белгиланган тартиб-таомилининг мажбурийлиги, қарорларни қабул қилишда судьялар маслаҳатлашувининг сир тутилиши, Конституциявий судга ҳурматсизлик ёки унинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг белгиланганлиги, Конституциявий суднинг фаолияти учун зарур бўлган ташкилий-техник шарт-шароитларни яратиш, шунингдек судьяларни етарли моддий ва ижтимоий таъмин этиш билан белгиланади.

6-модда. Коллегиаллик

Конституциявий судда ишларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш коллегиал амалга оширилади.

7-модда. Ошкоралик

Конституциявий суднинг мажлислари, қоида тариқасида, очиқ ўтказилади.

8-модда. Конституциявий суд судьялари ҳуқуқларининг тенглиги

Конституциявий суд томонидан масалаларни кўриб чиқиш ва кўриб чиқилаётган масалалар бўйича овоз беришда раис, раис ўринбосари ва Конституциявий суднинг судьялари тенг ҳуқуқларга эгадирлар.

9-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги

Конституциявий судда ишларни кўриб чиқиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.

Тарафлар кўрилаётган иш бўйича ўз нуқтаи назарларини тақдим этишда тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланадилар.

10-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг конституциявийлиги презумпцияси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига номувофиқлиги суд муҳокамаси натижасида қабул қилинган Конституциявий суднинг қарори билан аниқланмагунча конституциявий ҳисобланади.

11-модда. Масалаларни кўриб чиқишда иш ҳолатларининг ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширилишини таъминлаш

Масалаларни кўриб чиқишда Конституциявий суд тарафларнинг далил-исботларига боғланган эмас. Конституциявий суд тақдим этилган материаллар, тушунтиришлар ва кўрсатмалар билан чекланиб қолмай, иш ҳолатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширилишини, тарафларнинг, бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуклари таъминланишини, улар ўз зиммаларидаги вазифаларни лозим даражада бажаришлари учун барча чораларни кўриши шарт.

12-модда. Суд ишлари юритиладиган тил

Конституциявий судда ишларни юритиш Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида амалга оширилади.

Суд ишларини юритишнинг давлат тилини билмайдиган иштирокчиси ўз она тилида сўзга чиқиши ва тушунтиришлар бериши ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиши мумкин.

II. Конституциявий суд ишларини юритишнинг умумий масалалари

13-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг ташкилий шакли

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколат доирасида ишларни суд мажлисларида кўриб чиқади ва ҳал этади.

Суд мажлислари раис томонидан, у йўқлигида – Конституциявий суд раисининг ўринбосари томонидан, Конституциявий суднинг раиси ва унинг ўринбосари йўқлигида ёки улар ўз вазифаларини бажариш имкониятига эга бўлмаганида – Конституциявий суднинг энг катта ёшли судьяси томонидан чақирилади.

14-модда. Конституциявий суднинг таркиби

Суд мажлисида Конституциявий суднинг камида тўрт судьяси иштирок этса (кворум) Конституциявий суд ишларни кўриб чиқишга ҳақлидир.

15-модда. Конституциявий суд таркибининг ўзгармаслиги

Иш Конституциявий суд томонидан, қоида тариқасида, судьяларнинг айни битта таркиби томонидан кўриб чиқилади.

16-модда. Конституциявий суднинг судьясини рад қилиш ва уни ҳал этиш тартиби

Агар:

судья хизмат мавқеига кўра конституциявийлиги текширилиши лозим бўлган ҳужжатни тайёрлашда илгари иштирок этган бўлса;

судья ишда иштирок этаётган тарафнинг ёки бошқа шахснинг қариндоши бўлса;

судья ишнинг пировард натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса Конституциявий суднинг судьяси ишни кўриб чиқишда иштирок эта олмайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, Конституциявий суднинг судьяси ишни кўриб чиқиш бошлангунга қадар, ўзини-ўзи рад қилиш ҳақида маълум қилиши шарт.

Конституциявий суднинг судьясини рад қилиш рад қилиш масаласи тегишли бўлган судья эшитилганидан сўнг, мажлисда иштирок этгаётган судьяларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинадиган Конституциявий суднинг асослантирилган ажримига биноан амалга оширилади.

17-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчилари

Тарафлар, уларнинг вакиллари; гувоҳлар; экспертлар; мутахассислар; таржимонлар ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчилари деб тан олинади.

18-модда. Тарафлар ва уларнинг вакиллари

Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритган давлат органи ёки мансабдор шахс; конституциявийлиги текшириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган (чиқарган) давлат органи ёки мансабдор шахс; Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятларига оид масалалар ваколати доирасида бўлган давлат органлари; Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишида маслаҳат бериш тўғрисидаги ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари; Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш тўғрисидаги ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси конституциявий суд ишларини юритишда тарафлар ҳисобланади.

Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала Конституциявий суд судьялари ташаббуси билан киритилганда, мурожаати масалани киритишга сабаб бўлган давлат органи, юридик ёки жисмоний шахс тараф ҳисобланади.

Тараф Конституциявий судда ўзининг манфаатларини ифода этувчи битта ёки бир нечта вакилга эга бўлишга ҳақли. Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала депутатлар ёки сенаторлар гуруҳи томонидан киритилганида, улар битта ёки бир нечта вакилни тайинлаши керак.

Адвокатлар, мутахассислар ва бошқа шахслар тарафнинг вакили сифатида тараф томонидан ваколатлари кўрсатилган ҳолда берилган ишончнома асосида иштирок этиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган давлат органлари ва юридик шахсларнинг раҳбарлари Конституциявий судда тарафларнинг лавозими бўйича вакили бўлиши мумкин. Лавозими бўйича тарафларнинг вакиллари тарафларнинг манфаатларини ишончномасиз ифода этади.

19-модда. Тарафлар ва улар вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Тарафлар ва уларнинг вакиллари барча иш материаллари билан танишиш; иш юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш; ёзма фикр-мулоҳазалар тақдим этиш; илтимосномалар киритиш, шу жумладан судьяни рад қилиш, экспертиза тайинлаш, судга гувоҳлар, эксперт ва мутахассисларни чақириш тўғрисида; эксперт ва мутахассисларнинг номзодларини таклиф этиш; конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига саволлар беришга ҳақли.

Тарафлар ва уларнинг вакиллари Конституциявий суд чақирувига биноан хозир бўлишлари; суд мажлисида конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари; суд мажлисида раислик қилувчи, Конституциявий суднинг бошқа судьялари ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг саволларига жавоб ва тушунтиришлар беришлари; суд мажлисида раислик қилувчининг суд мажлисида тартибни сақлаш тўғрисидаги кўрсатмаларига риоя этишлари шарт.

20-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари

Конституциявий суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Адлия вазири иштирок этиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мансабдор шахслар барча иш материаллари билан танишиш; иш юзасидан ўз фикрини баён этиш; ёзма фикр-мулоҳазалар тақдим этиш; конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига саволлар беришга ҳақли.

Конституциявий суднинг мажлисида Конституциявий суд раисининг ёки раислик қилувчининг таклифига биноан Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгашнинг аъзолари, олимлар, сиёсат ва жамоат арбоблари, депутатлар, судьялар, халқаро ташкилотларнинг, давлат органларининг, жамоат бирлашмаларининг, илмий муассасалар ва олий ўқув юртларининг вакиллари иштирок этишлари мумкин. Улар иш юзасидан ўз фикрларини раислик қилувчининг рухсати билан баён этишлари мумкин.

21-модда. Гувоҳ, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Конституциявий судда ишни ҳал этиш учун аҳамиятга молик бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумот ва материалларга эга бўлган шахс гувоҳ ҳисобланади.

Гувоҳ ўз кўрсатмаларини беришда унинг илтимосига биноан ишга қўшиб қўйиш мумкин бўлган ёзма қайдлар, ҳужжатлар ва бошқа материаллардан фойдаланишга; Конституциявий судга келиши билан боғлиқ бўлган сарфланган харажатларни қоплаш учун ҳақ олишга ҳақли.

Гувоҳ Конституциявий суд чақирувига биноан ҳозир бўлиши; кўрилаётган иш бўйича ўзига шахсан маълум бўлган маълумотлар тўғрисида ҳаққоний ва тўлиқ кўрсатмалар бериши; суднинг талабига мувофиқ ўзида мавжуд бўлган тегишли материалларни тақдим этиши; суд мажлисида раислик қилувчи, Конституциявий суднинг бошқа судьялари ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг саволларига жавоб ва тушунтиришлар бериши шарт.

Суд мажлисида кўрсатма беришдан олдин гувоҳ қуйидаги мазмундаги мажбуриятни олади:

“Кўриб чиқилаётган ишга тааллуқли, менга шахсан маълум бўлган маълумотлар ва материаллар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ҳаққоний ва тўлиқ кўрсатмалар бериш ҳамда саволларга ҳаққоний ва тўлиқ жавоб бериш мажбуриятини оламан”.

Мажбурият гувоҳ томонидан имзоланади ва суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйиш учун суд мажлиси котибига топширилади.

22-модда. Эксперт, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Иш якунидан манфаатдор бўлмаган, Конституциявий суд томонидан ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан махсус билимларга эга ва эксперт хулосасини бериш учун жалб этиладиган шахс эксперт ҳисобланади.

Эксперт экспертиза предметига тааллуқли бўлган иш материаллари билан танишишга ва улардан зарур маълумотларни кўчириб олишга; эксперт хулосасини бериш учун зарур бўлган қўшимча материалларни унга тақдим этиш тўғрисида илтимоснома киритишга; суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига эксперт хулосасини бериш учун зарур бўлган саволларни беришга; сарфланган харажатларни қоплаш учун ҳақ ва хизмат вазифаси доирасига кирмайдиган ишларни бажарганлиги учун мукофот олишга ҳақли.

Эксперт Конституциявий суд томонидан қўйилган саволлар бўйича холис ва асослантирилган хулоса бериши; Конституциявий суд чақирувига биноан ҳозир бўлиши; ўзи тайёрлаган хулосанинг мазмунини тушунтириши; суд мажлисида раислик қилувчи, Конституциявий суднинг бошқа судьялари ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг саволларига ҳаққоний ва тўлиқ жавоб бериши шарт.

Эксперт суд мажлисида сўзга чиқишдан олдин қуйидаги мазмундаги мажбуриятни олади:

“Тақдим этилган материалларни ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига холис, илмий асосланган хулоса бериш, ўз билимим ва малакамга мувофиқ саволларга ҳаққоний ва тўлиқ жавоб бериш мажбуриятини оламан”.

Мажбурият эксперт томонидан имзоланади ва суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйиш учун суд мажлиси котибига топширилади.

23-модда. Мутахассис, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Иш якунидан манфаатдор бўлмаган, Конституциявий суд томонидан ҳал этилиш лозим бўлган масалалар юзасидан махсус билимга эга бўлган ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш учун жалб этилган шахс мутахассис ҳисобланади.

Мутахассис Конституциявий судга нима мақсадда чақирилганлигини билишга; ўзи кўриб чиқаётган масалаларга тааллуқли иш материаллари билан танишишга; суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан ўз фикрини баён этиши учун зарур бўлган саволларни конституциявий суд иш юритувининг бошқа иштирокчиларига беришга, бошқа зарур маълумотларни олишга; сарфланган харажатларни қоплаш учун ҳақ ва хизмат вазифаси доирасига кирмайдиган ишларни бажарганлиги учун мукофот олишга ҳақли.

Мутахассис Конституциявий суд чақирувига биноан ҳозир бўлиши; суд мажлисида раислик қилувчи, Конституциявий суднинг бошқа судьялари ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари саволларига ҳаққоний ва тўлиқ жавоб бериши шарт.

Мутахассис суд мажлисида сўзга чиқишдан олдин қуйидаги мазмундаги мажбуриятни олади:

“Тақдим этилган материалларни ўрганиш асосида ўз билимим ва малакамга мувофиқ саволларга ҳаққоний ва тўлиқ жавоб бериш мажбуриятини оламан”.

Мажбурият мутахассис томонидан имзоланади ва суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйиш учун суд мажлиси котибига топширилади.

24-модда. Таржимон, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Иш якунидан манфаатдор бўлмаган, таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни биладиган ва конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиси конституциявий суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган ёки етарли даражада билмайдиган ҳолларда, шунингдек, ёзма ҳужжатларни таржима қилиш учун суд мажлисида иштирок этадиган шахс таржимон ҳисобланади.

Таржимон суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан таржима қилинаётган сўзлар ва жумлаларнинг маъносини аниқлаштириш мақсадида конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига саволлар беришга; сарфланган харажатларни қоплаш учун ҳақ ва хизмат вазифаси доирасига кирмайдиган ишларни бажарганлиги учун мукофот олишга ҳақли.

Таржимон Конституциявий суд чақирувига биноан ҳозир бўлиши, унга топширилган таржимани аниқ ва тўлиқ бажариши шарт.

Таржимани бажаришни бошлашдан олдин таржимон қуйидаги мазмундаги мажбуриятни олади:

“Менга топширилган таржимани аниқ ва тўлиқ бажариш мажбуриятини оламан”.

Мажбурият таржимон томонидан имзоланади ва суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйиш учун суд мажлиси котибига топширилади.

25-модда. Суд ҳаражатлари

Суд ҳаражатлари экспертлар, мутахассислар, гувоҳлар, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалардан, шунингдек ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборат бўлади.

Конституциявий судда кўриб чиқилаётган иш юзасидан жалб этилган экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга сарфланган харажатларни қоплаш учун ҳақ ва мукофот қонун ҳужжатларига мувофиқ тўланади.

Гувоҳларнинг суд мажлисига келиши билан боғлиқ ҳаражатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланади.

26-модда. Ишларни кўриб чиқиш муддатлари

Агар олинган материаллар қўйиладиган талабларга жавоб берса, Конституциявий суд улар олинган кундан эътиборан етти кунлик муддатдан кечиктирмай масалани ўрганишга киришади.

Тегишли материал олинган пайтдан бошлаб кечи билан уч ой ичида Конституциявий судда кўриб чиқилаётган масала юзасидан қарор қабул қилинади.

III. Конституциявий судДа кўриб чиқиш учун масала киритиш. МАСАЛАНИ дастлабки ўрганиш ва кўриб чиқиш учун тайёрлаш

27-модда. Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Олий хўжалик судининг раиси ва Бош прокурори Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритиш ҳуқуқига эга. Масала Конституциявий суднинг камида уч судьяси ташаббуси билан ҳам киритилиши мумкин.

28-модда. Конституциявий судда кўриб чиқиш учун киритилаётган масалага қўйиладиган талаблар

Коллегиал органлар томонидан Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритиш уларнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда қабул қилинган қарори асосида амалга оширилади. Мазкур Регламентнинг 27-моддасида кўрсатилган мансабдор шахслар томонидан Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритиш ёзма шаклда амалга оширилади. Бундай мурожаат тегишли мансабдор шахс томонидан имзоланади. Конституциявий суд судьяларининг ташаббуси билан масала киритиш мазкур судьялар томонидан имзоланган ташаббус мурожаати шаклида амалга оширилади.

Масалани Конституциявий судда кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисидаги қарор ёки мурожаатда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

конституциявийлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг аниқ номи, қабул қилинган санаси, рақами, эълон қилинган манбаси ва у тўғридаги бошқа маълумотлар;

Конституциявий судда масалани кўриб чиқиш учун асослар;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолда қўйилган масала юзасидан нуқтаи-назар ва ҳуқуқий асос;

вакил ҳақидаги зарур маълумотлар ва унинг ваколатлари, вакиллик лавозим бўйича амалга оширилган ҳоллар бундан мустасно;

илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

29-модда. Киритилаётган масалага илова қилинадиган материаллар

Конституциявий судга юборилаётган қарор ёки мурожаатга:

текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки шарҳланиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикаси қонуни нормасининг матни;

вакилни ваколатини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат, вакиллик лавозим бўйича амалга оширилган ҳоллар бундан мустасно ;

бошқа тилда баён этилган ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг давлат тилига таржимаси;

масала Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритиш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаати муносабати билан киритилган ҳолларда, бундай мурожаатнинг нусхаси илова қилинади.

Қарор ёки мурожаатга суд мажлисига чақирилиши таклиф қилинаётган гувоҳлар, экспертлар ва мутахасиссларнинг рўйхати, шунингдек бошқа ҳужжатлар ва материаллар илова қилиниши мумкин.

30-модда. Масалани дастлабки ўрганиш

Конституциявий судда кўриб чиқиши учун масала киритиш тўғрисида келиб тушган қарор ёки мурожаат Конституциявий судда иш юритув қоидаларига мувофиқ албатта рўйхатга олиниши лозим.

Конституциявий суднинг раиси Конституциявий суднинг битта ёки бир нечта судьясига келиб тушган қарор ёки мурожаатни қонун ва мазкур Регламент билан қўйилган талабларга жавоб бериши нуқтаи назаридан дастлабки ўрганишни ва ишни кўриб чиқишга тайёрлашни топширади.

Топшириқни бажариб судья Конституциявий суд раисига ишни ўрганиш ва кўриб чиқишга тайёрлаш натижалари тўғрисида ахборот беради.

Иш материалларининг кўриб чиқишга тайёрлиги тўғрисида судьянинг фикрини этишгандан кейин Конституциявий суд раиси масалани кўриб чиқиш учун қабул қилишни ҳал этиш учун Конституциявий суд мажлисини чақиради.

31-модда. Ишни кўриб чиқиш учун қабул қилиш

Ишни кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисида ажрим қабул қилиниб, унда ишни кўриб чиқишни бошлаш, иш бўйича маърузачи судьяни тайинлаш, ишни кўриб чиқишнинг тартиб-таомиллари, шунингдек ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳал этилади.

Қабул қилинган ажрим ҳақида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари уч кунлик муддатда хабардор қилинади.

32-модда. Кўриб чиқиш учун масалани қабул қилишни рад этиш

Агар:

киритилган масалани ҳал этиш Конституциявий судга тааллуқли бўлмаса;

масала уни киритиш ҳуқуқига эга бўлмаган давлат органи ёки мансабдор шахс томонидан киритилган бўлса;

илгари Конституциявий суд томонидан мурожаат предмети юзасидан қарор қабул қилинган бўлса ва у ўз кучида бўлса, Конституциявий суд қарорини қайтадан кўриб чиқиш асослари мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно, Конституциявий суд кўриб чиқиш учун масалани қабул қилишни рад этади.

Кўриб чиқиш учун масалани қабул қилишни рад этиш тўғрисида Конституциявий суднинг ажрими қабул қилинади.

33-модда. Киритилган масалани қайтариб олиш

Конституциявий судда кўриб чиқиш учун киритилган масала ишни суд мажлисида кўриб чиқиш бошлангунга қадар қайтариб олиниши мумкин. Киритилган масала қайтариб олинган ҳолларда иш бўйича иш юритиш тугатилади.

34-модда. Ишларни бирлаштириш ва ажратиш

Конституциявий судга киритилган масалалар, қоида тариқасида, мустақил иш юритув асосида кўриб чиқилади.

Ишларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқиш мақсадида Конституциявий суд ишларни кўриб чиқишни бирлаштириш ва (ёки) ажратишга ҳақли.

35-модда. Конституциявий суд раисининг ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш бўйича ваколатлари

Ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлашга умумий раҳбарлик Конституциявий суднинг раиси томонидан амалга оширилади.

Конституциявий суднинг раиси суд мажлисига таклиф этилиши лозим бўлган шахслар доирасини белгилайди, суд мажлисини ташкил этиш, шунингдек зарур материалларни конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларига юбориш ва судьяларга тарқатиш тўғрисида топшириқлар беради.

36-модда. Маърузачи судьянинг ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш бўйича ваколатлари

Маърузачи судья ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлашда Конституциявий суднинг ваколатларига мувофиқ:

Конституциявий суднинг сўровларини давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахсларга юбориш, шунингдек ишни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа тайёргарлик ҳаракатларини ўтказиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

зарур бўлган ҳолларда иш материалларини шахсан жойига чиқиб ўрганади, шунингдек мутахассислар билан маслаҳатлашади;

иш юзасидан маълумотнома ва бошқа материалларни тайёрлайди;

ишга тааллуқли бўлган бошқа масалаларни ҳал этади.

37-модда. Конституциявий суд талабларининг мажбурийлиги

Конституциявий суднинг талаблари давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

38-модда. Суд мажлиси ҳақида хабардор қилиш. Материалларни юбориш

Суд мажлиси ҳақидаги хабарнома, Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритиш тўғрисидаги қарор ёки мурожаат ва келиб тушган фикр-мулоҳазаларнинг нусхалари суд мажлиси бошлангунга қадар камида ўн кундан кечиктирмай Конституциявий суднинг судьяларига ва тарафларга юборилади. Суд мажлиси ҳақидаги хабарнома ва кўриб чиқилаётган иш юзасидан маълумотнома конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига мажлис бошлангунга қадар камида бир хафтадан кечиктирмай юборилади.

IV. ИШНИ Конституциявий суд мажлисида кўриБ ЧИҚИШ

39-модда. Суд мажлисини ўтказиш жойи

Суд мажлиси Конституциявий суднинг доимий жойлашган жойида ўтказилади.

Агар Конституциявий суд зарур деб топса, суд мажлисини бошқа жойда ўтказиши мумкин.

40-модда. Суд мажлисини ўтказиш тартиби

Суд мажлислари мазкур Регламентга мувофиқ ўтказилади.

Конституциявий суд судьялари суд мажлиси залига кирганда ва ундан чиққанда суд мажлисининг барча иштирокчилари ўрниларидан туради. Суд мажлисининг барча иштирокчилари ва мажлис залида ҳозир бўлган бошқа шахслар Конституциявий судга ҳамда суд интизоми ва одобининг белгиланган қоидаларига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари, раислик қилувчининг мажлис тартибига риоя этиш ҳақидаги кўрсатмаларига итоат этишлари шарт.

Суд мажлиси иштирокчилари Конституциявий судга ўринларидан турган ҳолда мурожаат қиладилар, тушунтиришлар, кўрсатмалар берадилар, илтимосномалар киритадилар ва саволларга жавоб берадилар. Бу қоидадан четга чиқишга фақат суд мажлисида рислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.

Иш очиқ суд мажлисида кўрилганда суд мажлиси иштирокчилари мажлис залида эгаллаган жойларидан суд мажлиси боришини ёзиб олишга ҳақли. Бунда овоз ёзиб олиш, фотосуратга, видеотасвирга олиш, шунингдек радио ва телевидение орқали кўрсатишга суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади. Бундай ҳаракатлар суд мажлисини олиб боришга халал бермаслиги лозим ва суд мажлисида раислик қилувчи томонидан вақт жиҳатидан чегаралаб қўйилиши мумкин.

Суд мажлисининг тартибини бузиш, суд мажлисида раислик қилувчининг мажлисни олиб бориш тартибига риоя этиш тўғрисидаги фармойишига бўйсунмаслик, Конституциявий судда қабул қилинган қоидаларни менсимаслик қонун билан белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

41-модда. Суд мажлисида раислик қилувчи ва унинг ваколатлари

Суд мажлисида Конституциявий суднинг раиси, у йўқлигида ёки унинг топшириғи бўйича – Конституциявий суд раисининг ўринбосари, раис ва унинг ўринбосари бўлмаган тақдирда ёки улар ўз вазифаларини бажаришларига имконият бўлмай қолганда – Конституциявий суднинг энг катта ёшли судьяси раислик қилади.

Суд мажлисида раислик қилувчи суд мажлисини бошқаради. У кўриб чиқилаётган масала бўйича ҳар томонлама тўлиқ ва холис муҳокамани таъминлаш мақсадида:

тарафларга ва уларнинг вакилларига ишнинг барча ҳолатлари бўйича тушунтиришлар бериш, ўз далилларини асослаш ва бир-бирларига ўзларининг нуқтаи назарларини аниқлаш ва равшанлаштириш мақсадида саволлар бериш учун тенг имкониятлар яратиш;

суд томонидан экспертларнинг оғзаки ва ёзма хулосаларини текшириш ҳамда баҳолаш;

мутахассисларнинг фикрларини, иш бўйича судга чақирилган гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиш;

тарафларга ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига кўриб чиқилаётган ишнинг ҳолатлари бўйича экспертларга, мутахассисларга ва гувоҳларга саволлар бериш имкониятини яратиш;

тарафлар ва суд мажлисининг бошқа иштирокчилари тақдим этган, шунингдек суд талаб қилиб олган ҳужжатларнинг Конституциявий суд томонидан таҳлил этилиши;

суд муҳокамасининг боришини ва натижаларини қайд этиш чораларини кўради.

Суд мажлисида раислик қилувчи кўриб чиқилаётган ишга тааллуқли бўлмаган барча нарсаларни муҳокамадан бартараф этади. У сўзга чиқаётган тарафлар, уларнинг вакиллари ёки конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларини улар кўрилаётган масала предметидан четга чиқиб кетсалар, шаклан ёки мазмунан қўпол мулоҳазаларни билдирсалар ёки судда ишларни юритишнинг белгиланган қоидаларини бузсалар тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.

Суд мажлисида раислик қилувчи Конституциявий суд судьяларининг маслаҳатхонадаги маслаҳатлашувига уларга ўз фикрини эркин ва монеликсиз билдириш имкониятини яратган ҳолда раҳбарлик қилади.

42-модда. Иш суд мажлисида кўриб чиқилаётганда судьянинг ваколатлари

Конституциявий суднинг суд мажлисида иштирок этаётган судьяси:

тарафларга, уларнинг вакилларига, конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига саволлар беришга;

конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчиларидан суд мажлисида муҳокама этилаётган масалалар моҳиятига доир тушунтиришлар олишга;

таклифлар билдириш, илтимосномалар киритишга;

тартиб-таомил масалалари бўйича ўз фикрини айтишга ҳақли.

Конституциявий суднинг судьяси унинг ваколатлари қонун билан ўрнатилган тартибда тўхтатиб қўйилмаган ёки тугатилмаган бўлса, суд мажлисида иштирок этишдан четлаштирилиши мумкин эмас, мазкур Регламентга мувофиқ Конституциявий суд судьясининг ўзини ўзи рад қилиш ҳақидаги аризаси ёки уни рад қилиш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилган ҳоллар бундан мустасно.

43-модда. Суд мажлиси котибининг ваколатлари

Суд мажлиси котиби Конституциявий суд девони ходимлари орасидан Конституциявий суд томонидан белгиланган тартибда тайинланади.

Суд мажлисида раислик қилувчининг топшириғига биноан суд мажлиси котиби:

суд мажлиси иштирокчиларининг ҳозир бўлганликларини текширади, ҳозир бўлмаганликнинг сабабларини аниқлайди ва бу ҳақида Конституциявий судга маълумот беради;

суд мажлисида раислик қилувчининг топшириқларини бажаради;

суд мажлисининг баённомасини юритади ва уни ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлайди;

суд мажлисини ўтказиш ва унда ишнинг кўрилиши учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.

44-модда. Суд мажлисининг баённомаси

Суд мажлисида баённома юритилади. Баённомада қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

суд мажлисининг вақти ва жойи;

суд таркиби ва суд мажлиси котиби;

кун тартиби;

суд мажлисининг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

Конституциявий суднинг ҳаракатлари, улар қай тартибда ўказилган бўлса, шу тартибда, уларнинг натижалари;

тарафлар ва улар вакилларининг тушунтиришлари;

гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертларнинг хулосалари ва мутахассисларнинг фикрлари, уларга берилган саволлар ва олинган жавоблар;

конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг сўзга чиқиши;

суд мажлисининг иштирокчилари баённомада қайд этиб қўйилишини сўраган фактлар ва ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар;

Конституциявий суд қабул қилган баён тарзидаги қарорларнинг таърифи.

Агар суд мажлиси вақтида овоз ёзиб олиш ва (ёки) видео тасвирга олиш ишлатилган бўлса, овоз ёки видео файл суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйилади ва бу ҳақда баённомада тегишли белги қўйилади.

Суд мажлисининг иштирокчилари иш учун муҳим деб ҳисоблаган фактлар ва ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни баённомага киритишни илтимос қилишга ҳакли.

Барча ўзгартишлар ва қўшимчалар баённомада айтиб ўтилиши лозим.

Баённома мажлис тугаган пайтдан бошлаб беш сутка ичида расмийлаштирилиши лозим.

Суд мажлисининг баённомаси суд мажлисида раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби томонидан имзоланади ва ишга қўшиб қўйилади.

Тарафлар ва уларнинг вакиллари суд мажлисининг баённомаси билан танишишга ва баённома хусусида мулоҳаза билдиришга ҳақлидирлар, бу мулоҳазаларни раислик қилувчининг шахсан ўзи ўн кун ичида кўриб чиқиши лозим. Суд мажлисининг баённомаси бўйича билдирилган мулоҳазаларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан суд мажлисида раислик қилувчи уларни баённомага қўшиб қўйиш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

45-модда. Ишни кўриб чиқишнинг бевоситалиги ва суд мажлисининг узлуксизлиги

Конституциявий суд ишни кўриб чиқишда тарафларнинг, улар вакилларининг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатмаларини, экспертларнинг хулосаларини, мутахассисларнинг фикрларини, конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг чиқишларини бевосита эшитади, зарур ҳужжатларни ўқиб эшиттиради.

Судьяларда ва тарафларда бор бўлган ҳужжатлар, агар уларнинг мазмуни муҳокама жараёнида оғзаки баён қилинса, ўқиб эшиттирилмаслиги мумкин. Бироқ, агар судьялар ёки суд мажлиси иштирокчиларидан бирортаси уларнинг тўлиқ ёки қисман ўқиб эшиттирилишини қатъий талаб қилса, бундай ўқиб эшиттириш суд мажлисида раислик қилувчининг қарори билан амалга оширилиши мумкин.

Конституциявий суднинг мажлиси ҳар бир иш бўйича, қоида тариқасида, узлуксиз ўтади, мажлис иштирокчиларига дам олиш учун ёки якунловчи нутқларга тайёрланиш учун ажратилган вақт бундан мустасно. Тарафлардан бирининг илтимосига кўра бошқа тараф тақдим этган материалларни қўшимча ўрганиш учун, шунингдек мажлиснинг нормал давом этишига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар пайдо бўлган ҳолларда суд мажлисида танаффус қилиниши мумкин.

46-модда. Суд мажлисини кейинга қолдириш

Конституциявий суд суд мажлисини қуйидаги ҳолларда кейинга қолдиради:

агар кўриб чиқилаётган иш етарлича тайёрланмаган деб ҳисобласа;

суд мажлисида ҳозир бўлиши шарт деб топилган тараф, унинг вакили, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимоннинг келмаганлиги, агар уларнинг йўқлиги ишнинг мазмунан ҳал этилишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса;

талаб қилинган материаллар тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги сабабли, агар улар ишни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун жиддий аҳамиятга эга бўлса;

агар иш матералларини қўшимча ўрганиш зарурлиги муносабати билан Конституциявий суднинг судьяси ёки тараф, унинг вакили ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш тўғрисида илтимос қилса;

суд мажлисида Конституциявий суд судьяларининг кворуми бўлмаса;

ишни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқилишига тўсқинлик қиладиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, жумладан суд мажлисини олиб бориш тартиби бузилган бўлса.

Конституциявий суд ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш тўғрисида суд мажлисида иштирок этаётган Конституциявий суд судьяларининг оддий кўпчилик овози билан ажрим қабул қилади. Бунда Конституциявий суд навбатдаги суд мажлисининг вақтини белгилайди.

Кейинга қолдирилган ишни кўриб чиқиш, суд мажлиси тўхтатилган жойдан бошланади. Конституциявий суд томонидан илгари эшитилган гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар фақат Конституциявий суд зарур деб топган ҳолларда қайтадан чақирилади.

47-модда. Суд мажлисининг очилиши

Суд мажлисида раислик қилувчи, мазкур Регламентнинг 46-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган суд мажлисини кейинга қолдиришга асослар йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, суд мажлисини очади ва Конституциявий суд таркибини, қандай иш кўриб чиқилаётганини эълон қилади, ким суд мажлиси котиби эканлиги, ишни кўриб чиқишда тарафлар сифатида, уларнинг вакиллари, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ва конституциявий суд ишларининг юритишнинг бошқа иштирокчилари сифатида кимлар иштирок этаётганини маълум қилади.

48-модда. Суд мажлиси иштирокчиларининг ҳозир бўлганлигини текшириш, уларнинг шахсини ва ваколатларини аниқлаш

Суд мажлисида раислик қилувчининг таклифига кўра суд мажлиси котиби суд мажлиси иштирокчиларининг ҳозир бўлганлиги ҳақида маълум қилади.

Суд мажлиси котиби суд мажлиси иштирокчиларидан кимлар ҳозир бўлмаганлигини, улар ўз вақтида хабардор этилганлиги ёки хабардор этилмаганлиги ва ҳозир бўлмаганлик сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини маълум қилади.

Суд мажлисида раислик қилувчи зарур ҳолларда ҳозир бўлган суд мажлиси иштирокчиларининг шахсини, ишончнома ёки тегишли тарафнинг манфаатларини ифода этиш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжат асосида иштирок этувчи тарафлар вакиллари ваколатининг мавжудлигини аниқлайди.

49-модда. Суд мажлиси иштирокчилари ҳозир бўлмаганликларининг оқибатлари

Суд мажлисига тарафлар (тараф) ёки уларнинг вакиллари келмаган тақдирда, Конституциявий суд иш бўйича муҳокамани бошлаш ёки мажлисни кейинга қолдириш ҳақида ажрим чиқаради. Агар процессда тараф ҳисобланувчи мансабдор шахснинг ўзи суд мажлисига келмаса ёки тарафнинг вакилида лозим даражада расмийлаштирилган ваколатлар бўлмаса, раислик қилувчи ишни тараф йўқлигида ёки унинг вакилисиз кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисидаги масалани судьялар муҳокамасига қўяди.

Суд мажлисига гувоҳлар, экспертлар ёки мутахассислардан бирортаси келмаган тақдирда Конституциявий суд ишни улар йўқлигида кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисида тарафларнинг фикрини эшитади. Шундан сўнг суд иш бўйича муҳокамани давом эттириш ёки суд мажлисини кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқаради.

50-модда. Суд иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тутунтириш

Суд мажлисида раислик қилувчи таржимонга судьянинг маърузасини, ишда иштирок этаётган шахсларнинг тушунтиришлари ва нутқларини, суд мажлисида раислик қилувчининг фармойишларини, ўқиб эшиттириладиган ҳужжатларни, судда бериладиган саволларни ва уларга қайтарилган жавобларни, шунингдек Конституциявий суднинг қарорларини тўлиқ ва аниқ таржима қилишдан иборат бўлган мажбуриятини тушунтиради.

Суд мажлисида раислик килувчи суд мажлиси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради. Экспертлар, мутахассислар ва гувоҳларга, бундан ташқари, зиммаларига юкланган мажбуриятларни виждонан бажармаганлик учун, экпертлар ва гувоҳларга уларни бажаришдан бўйин товлаганлик учун қонунда назарда тутилган жавобгарлик тушунтирилади.

51-модда. Суд мажлиси иштирокчиларининг илтимосномалар киритиши ва уларни ҳал этиш тартиби

Суд мажлисида раислик қилувчи суд мажлисининг иштирокчиларидан уларнинг қўшимча материаллар талаб қилиш, бошқа гувоҳларни чақириш ва ишни кўриб чиқишга янги экспертлар, мутахассисларни жалб қилиш тўғрисида илтимослари бор-йўқлигини сўрайди.

Бундай илтимослар ёзма равишда билдирилган тақдирда, улар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва кўриб чиқилаётган иш материалларига қўшиб қўйилади. Оғзаки илтимослар суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим.

52-модда. Маърузачи судьянинг сўзга чиқиши ва иш материалларини текшириш тартиби

Ишни кўриб чиқиш маърузачи судьянинг сўзга чиқишидан бошланади, у кўриб чиқилаётган масаланинг моҳиятини, уни кўриб чиқиш асосларини, мавжуд материалларнинг қисқача мазмунини баён қилади ва масалани кўриб чиқишга тайёрлаш юзасидан қилинган ишлар ҳақида ахборот беради. Маърузачи судья ўз сўзида таклифда баён қилинган далил-исботларни таҳлил этишга ва уларга ўз баҳосини беришга ҳақли эмас.

Маърузачи судьянинг сўзи тугаганидан сўнг Конституциявий суд тарафларнинг таклифларини эшитади ва иш материалларини текшириш тартиби ҳақида бир қарорга келади.

Иш материалларини текширишнинг Конституциявий суд белгилаган тартиби фақат Конституциявий суднинг ўзи томонидан ўзгартирилиши мумкин. Суд муҳокамаси давомида Конституциявий суднинг судьялари томонидан билдирган иш материалларини текшириш тартибига тааллуқли бўлган таклифлар Конституциявий суд томонидан зудлик билан кўриб чиқилади.

53-модда. Тарафлар ва улар вакилларининг тушунтиришлари

Кейин суд мажлисида раислик қилувчи тарафларга кўриб чиқилаётган ишнинг моҳияти юзасидан тушунтиришлар беришни таклиф этади.

Биринчи бўлиб Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритган тараф ёки унинг вакили сўзга чиқади, сўнгра суд мажлисида раислик қилувчи бошқа тараф ёки унинг вакилининг сўзга чиқишига имконият беради. Тарафнинг нуқтаи назари унинг бир нечта вакили томонидан ҳимоя қилинаётган ҳолларда, улар сўзга чиқишининг навбати мазкур тараф томонидан белгиланади.

Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритган тараф, шунингдек унинг вакили сўзга чиқишида Конституциявий суд кўриб чиқиши учун киритилган масаланинг моҳиятини, ўз фикрини асослашга доир ҳуқуқий далиллар ва исботларни баён қилади. Бошқа тараф ёки унинг вакили масаланинг моҳияти бўйича ўз эътирозларини, уларни асослаш учун ҳуқуқий исбот ва далилларни баён қилади.

Тарафларнинг ҳар бири, уларнинг вакиллари сўзга чиқиб бўлганидан кейин суд мажлисида раислик қилувчи судьяларга тарафга, унинг вакилига саволлар бериш имкониятини беради, сўнгра сўзга чиққан тарафга саволлар бериш ҳуқуқи бошқа тарафга ва унинг вакилига берилади.

Эксперт хулосасини бериш ёки мутахассис фикрини баён этиш учун зарур бўлган доирада, экспертлар ва мутахассислар тарафларга, уларнинг вакилларига саволлар бериши мумкин.

54-модда. Иш ҳужжатларини ва бошқа ёзма материалларни текшириш

Суд мажлисида раислик қилувчининг таклифига кўра маърузачи судья иш ҳужжатлари ва бошқа ёзма материалларни ўқиб эшиттиради. Шундан сўнг тарафлар ёки уларнинг вакиллари ўқиб эшиттирилган ҳужжатлар ва бошқа материаллар муносабати билан тушунтиришлар беришлари мумкин.

Суд мажлисида Конституциявий суднинг судьялари, тарафлар ҳамда уларнинг вакилларига олдиндан тақдим этилган ёки суд муҳокамаси давомида мазмуни баён этилган ҳужжатлар ўқиб эшиттирилмаслиги мумкин.

Иш материаллари текшириб бўлингандан сўнг суд мажлисида раислик қилувчи тарафлар, уларнинг вакиллари ва суд мажлисининг бошқа иштирокчиларига уларнинг иш материалларини тўлдириш ҳақида илтимоснома киритиш ҳуқуқини тушунтиради.

55-модда. Гувоҳларни эшитиш тартиби

Гувоҳларни эшитиш навбатини Конституциявий суд белгилайди.

Суд мажлисида раислик қилувчи гувоҳга кўриб чиқилаётган ишнинг моҳияти юзасидан ўзи билган ҳамма нарсани маълум қилишни таклиф этади. Гувоҳга саволлар берилиши мумкин. Гувоҳга биринчи бўлиб у кимнинг аризасига биноан чақирилган бўлса ўша тараф ёки унинг вакили саволлар беради, сўнгра бошқа тараф ёки унинг вакили, шунингдек мажлиснинг бошқа иштирокчилари саволлар беради. Суднинг ташаббуси билан чақирилган гувоҳга Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритган тараф ва унинг вакили биринчи бўлиб саволлар беради. Судьялар гувоҳга истаган пайтда саволлар беришга ҳақли.

Суд бошқа гувоҳлар гувоҳлик бериши мумкин бўлган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланиб бўлинган деб топса, уларни эшитмаслиги мумкин.

56-модда. Экспертиза. Экспертларни ва мутахассисларни эшитиш тартиби

Конституциявий суд томонидан амалга оширилиши илмий муассасаларга ёки тегишли мутахассислик бўйича зарур билимга ва етарлича иш тажрибасига эга бўлган аниқ мутахассисларга топширилган экспертиза тайинланиши мумкин. Эксперт томонидан хулоса берилиши лозим бўлган саволлар маърузачи судья ёки Конституциявий суд томонидан белгиланади.

Суд мажлисида экспертларни, мутахассисларни эшитиш навбати Конституциявий суд томонидан белгиланади.

Суд мажлисида раислик қилувчи экспертга, мутахассисга кўриб чиқилаётган иш юзасидан эксперт хулосаси ёки мутахассис фикрини ўқиб эшиттиришни таклиф қилади.

Экспертга, мутахассисга мазкур Регламент 55-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган тартибда саволлар берилиши мумкин.

57-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг сўзини эшитиш

Тақдим этилган материалларни текшириш, тарафларнинг, улар вакилларининг тушунтиришлари, гувохларнинг кўрсатмаларини, экспертларнинг хулосаларини, мутахассисларнинг фикрларини эшитиш охирига етказилганидан кейин, агар конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари сўзга чиқиш истагини билдирсалар, суд уларнинг сўзини эшитишга ўтади.

58-модда. Тарафлар, уларнинг вакилларининг музокаралари

Тарафлар ва уларнинг вакиллари суд мажлисида текширилган материаллар ва далиллар тахлилини, уларнинг ҳуқуқий баҳоланишини ва кўриб чиқилаётган ишни ҳал этиш учун аҳамиятини, шунингдек тарафларнинг, уларнинг фикрича, қарор чиқаришда суд томонидан ҳисобга олиниши лозим бўлган хулосалари ва таклифларини ўз ичига олиши лозим бўлган якунловчи сўз билан чиқишлари мумкин.

59-модда. Иш материалларини текширишни янгидан бошлаш

Тарафларнинг музокараларидан кейин, агар Конституциявий суд ишни тўғри ҳал этиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатларни аниқлаш ёки янги далилларни текширишни зарур деб топса, у суд мажлисида танаффус эълон қилиши ва ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириши мумкин.

60-модда. Иш юритишни тугатиш

Иш юритиш қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:

агар мажлис давомида ишни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш асослари аниқланган бўлса;

агар норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки муайян норма суд ишни кўриб чиқишни бошлагандан сўнг ўз кучини йўқотган ёки бекор қилинган бўлса;

агар суд мажлиси давомида конституциявийлиги текширилиши лозим бўлган қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шарномавий ёки бошқа мажбуриятлари билан ҳал этиладиган масала Конституцияда ўз ечимини топмаганлиги ёки ўзининг моҳияти бўйича конституциявий масалалар қаторига кирмаганлиги аниқланса.

Иш юритишни тугатиш ҳақида Конституциявий суд ажрим чиқаради.

Иш юритиш тугалланган масалани Конституциявий судга такроран киритишга иш юритишни тугатиш асоси сифатида Конституциявий суднинг ажримида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганда йўл қўйилади.

61-модда. Ишни кўриб чиқишни тамомлаш ҳақида эълон қилиш

Барча иш материалларини текшириш тугалланганидан сўнг суд мажлисида раислик қилувчи ишни кўриб чиқиш тамомланганлиги ҳақида эълон қилади ҳамда Конституциявий суднинг қарори қонун билан белгиланган муддатларда матбуотда эълон қилинишини маълум қилади. Агар Конституциявий суд қарорни ўқиб эшиттиришни зарур деб топса, суд мажлисида раислик қилувчи қарорни ўқиб эшиттириш жойи, куни ва вақтини маълум қилади.

V. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДНИНГ ҚАРОРЛАРИ

62-модда. Конституциявий суднинг қарорлари, хулосалари ва ажримлари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ва давлатлараро шартноманинг конституциявийлиги тўғрисида кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суд қарор қабул қилади. Қарорлар Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилади.

Бошқа ҳолларда Конституциявий суднинг қарори хулоса деб аталади ёки бошқача шаклда ҳам бўлиши мумкин.

Суд мажлисини ўтказишнинг тартиб-таомиллари масалалари бўйича Конституциявий суд ажрим чиқаради.

63-модда. Бир қарорга келиш учун судьялар маслаҳатлашувини ўтказиш тартиби

Кўриб чиқилган иш бўйича қарор Конституциявий суд томонидан ёпиқ маслаҳатлашувда қабул қилинади. Маслаҳатлашувда фақат мазкур ишни кўриб чиққан Конституциявий суд судьялари иштирок этади.

Маслаҳатлашув давомида Конституциявий суднинг судьяси кўриб чиқилган иш юзасидан ўз фикрини эркин билдириш ва бошқа судьялардан уларининг фикрларини аниқлаштиришни сўрашга ҳақли. Судьялар сўзга чиқишларининг сони ва муддати чекланиши мумкин эмас. Маслаҳатлашувни тугатгач, суд мажлисида раислик қилувчи қарор бўйича таклифларни овозга қўяди.

64-модда. Қарор қабул қилиш

Конституциявий суднинг қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овоз бериш судьялардан номма-ном сўраш орқали ўтказилади. Раислик қилувчи охирги бўлиб овоз беради.

Судья овоз беришда бетараф қолиш ёки қатнашмасликка ҳақли эмас.

Конституциявий суднинг қарори мажлисда қатнашаётган судьяларнинг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берса қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Судьялар муҳокаманинг мазмунини ва овоз бериш натижаларини ошкор қилишга ҳақли эмас.

Кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг қарори тегишли материаллар олинган пайтдан бошлаб кечи билан уч ой ичида қабул қилиниши лозим.

65-модда. Конституциявий суд судьясининг алоҳида фикри

Қабул қилинган қарорга қўшилмаган Конституциявий суднинг судьяси ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда баён қилишга ҳақли ва у Конституциявий суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилади.

66-модда. Конституциявий суд қарорининг мазмуни

Конституциявий суднинг қарори, қоида тариқасида, кириш, тавсифловчи, асословчи ва резолютив қисмлардан иборат бўлади.

Қарорнинг кириш қисмида:

қарорнинг номланиши;

у қабул қилинган вақт ва жой;

қарор қабул қилган Конституциявий суднинг таркиби;

суд мажлисининг иштирокчилари тўғрисида зарур маълумотлар;

масаланинг таърифи, уни кўриб чиқиш асослари;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўбекистон Республикаси Қонунининг Конституциявий суднинг мазкур ишни кўриб чиқиш ваколатини белгиловчи нормалари кўрсатилади.

Тавсифловчи қисмда киритилган масаланинг қисқача мазмуни ва тарафлар сўраётган талаблар кўрсатилади.

Асословчи қисмда:

ишнинг Конституциявий суд томонидан аниқланган ва қарорнинг асосига қўйилган ҳолатлари;

Конституциявий суд таянган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кўрсатилади.

Қарорнинг резолютив қисмида қарорнинг таърифи, қарорнинг қатъийлиги ва унинг мажбурийлиги, унинг қонуний кучга кириши ва матбуотда эълон қилиниши тартиби кўрсатилади.

67-модда. Конституциявий суднинг қарорларини матбуотда эълон қилиш

Конституциявий суднинг қарорлари, хулосалари ва бошқа тўхтамлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

“Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари, шунингдек “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ахборотномаси” Конституциявий суднинг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

68-модда. Конституциявий суд қарорларини тарқатиш

Коституциявий суднинг қарорлари тарафларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Олий хўжалик судининг раиси, Бош прокурори ва Адлия вазирига юборилади. Конституциявий суднинг қарорлари Конституциявий суд раисининг топшириғига мувофиқ бошқа шахсларга ҳам юборилиши мумкин.

69-модда. Конституциявий суд қарорларининг юридик кучи

Конституциявий суднинг қарори у матбуотда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Конституциявий суднинг қарори қатъий ва унинг устидан шикоят қилиш мумкин эмас.

Конституциявий суднинг қарорлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

70-модда. Конституциявий суднинг қарорларини қайтадан кўриб чиқиш

Конституциявий суднинг қарори унинг ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда қайтадан кўриб чиқилиши мумкин:

қарор қабул қилинган пайтда Конституциявий судга номаълум бўлган янги муҳим ҳолатлар очилса;

қарор қабул қилинишига асос бўлган конституциявий норма ўзгарган бўлса;

Конституциявий суд қарор белгиланган иш юритиш тартибини бузган ҳолда қабул қилинган деб топса.

VI. АЙРИМ ТУРДАГИ ИШЛАР БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ

71-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлигини текшириш тўғрисидаги ишларни юритиш

Конституциявий суд фақат конституциявийлиги шубҳа туғдирган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидангина қарорлар қабул қилади.

Конституциявий суд аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг конституциявийлигини текшириб, бир вақтнинг ўзида текширилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга асосланган ёки унинг қоидаларини ўзида ифода этадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хусусида ҳам, гарчи Конституциявий суд кўриб чиқиши учун киритилган масалада улар тўғрисида кўрсатилмаган бўлса-да, қарор қабул қилиши мумкин.

Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тўлиқлигича ёки қисман конституциявийлигини текширишда:

нормаларнинг мазмуни жиҳатидан;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг шакли жиҳатидан;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси билан белгиланган давлат органлари ва мансабдор шахслар ўртасидаги ваколат доирасининг чегараланиши нуқтаи назаридан;

ҳужжатни қабул қилиш (чиқариш) ҳамда уни расмий эълон қилиш ва кучга кириш тартиби жиҳатидан унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мослигини аниқлайди.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми ўзининг амал қилишини тўхтатади ва қўлланилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг конституциявийлигини текшириш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси қонуни ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиб, қонун ёки унинг қисмини қўллашнинг нотўғри амалиёти шаклланган деган хулосага келса, ушбу қонун нормасига расмий шарҳ беришга ҳақли.

72-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятининг конституциявийлигини текшириш тўғрисидаги ишларни юритиш

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлашнинг чегаралари ишнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мазкур Регламент 71-моддасининг учинчи қисми билан белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

73-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни юритиш

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлигини аниқлашнинг чегаралари ишнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мазкур Регламент 71-моддасининг учинчи қисми билан белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги хулосалардан бирини қабул қилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида;

Қорақалпоғистон Республикасининг қонуни ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Қорақалпоғистон Республикасининг қонуни ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

74-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини шарҳлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг нормаларини расмий шарҳлаш уларда ноаниқликлар топилган, улар амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини шарҳлаш ҳақидаги масалани киритиш тўғрисидаги қарор ёки мурожаатда улардаги ноаниқликлар, уларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли қўлланилишининг важ ва далиллари кўрсатилиши керак.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд резолютив қисми Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормасига расмий шарҳни ўз ичига олган қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларини расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

75-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини киритиш тўғрисидаги ишларни юритиш

Конституциявий суд ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан қонунчилик ташаббуси билан чиқишга ҳақли.

Қонун лойиҳаси «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тайёрланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини киритиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қарорнинг резолютив қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда иштирок этадиган Конституциявий суд вакилининг номи кўрсатилади. Қарорга киритилаётган қонун лойиҳаси матни илова қилинади.

76-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасини, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишида маслаҳат бериш тўғрисидаги ишларни юритиш

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасини, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишида маслаҳат бериш тўғрисида қарор қабул қилишда:

Қонунчилик палатаси ёки Сенат таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганлиги;

улар бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид қарорлар қабул қилганлиги;

Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганлиги фактлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга маслаҳат бериш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга маслаҳат беришни рад этиш тўғрисида.

77-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги ишларни юритиш

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлигини аниқлашнинг чегаралари ишнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мазкур Регламент 71-моддасининг учинчи қисми билан белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи ва бошқа ҳужжатини (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат бундан мустасно) ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи ва бошқа ҳужжатини (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат бундан мустасно) ёки унинг қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

78-модда. Конституциявий суднинг судьясини жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш, шунингдек ҳибсга ёки уй қамоғига олишга розилик бериш тўғрисидаги ишларни юритиш

Конституциявий суднинг судьясини жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш, шунингдек қамоққа ёки уй қамоғига олишга розилик бериш тўғрисидаги тақдимнома Конституциявий суд томонидан у келиб тушган кундан бошлаб етти кун ичида кўриб чиқилади.

Суд мажлисида тақдимнома киритган мансабдор шахс ёки тегишли органнинг вакили, жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши ёхуд қамоққа ёки уй қамоғига олинишига розилик сўралаётган судья эшитилади. Конституциявий суд киритилган тақдимнома юзасидан қўшимча материаллар талаб қилиб олишга ҳақли.

Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Конституциявий суднинг судьясини жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш ёхуд қамоққа ёки уй қамоғига олишга розилик бериш тўғрисида;

Конституциявий суднинг судьясини жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш ёхуд қамоққа ёки уй қамоғига олишга розилик беришни рад этиш тўғрисида.

Конституциявий суднинг судьясини жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш, шунингдек қамоққа ёки уй қамоғига олишга розилик бериш тўғрисидаги ишлар бўйича қабул қилинган қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб кучга киради.

79-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколатларини тўхтатиш тўғрисидаги ишларни юритиш

Конституциявий суд судьясининг ваколатларини тўхтатиш тўхтатиш учун асослар аниқланган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан қабул қилинадиган Конституциявий суднинг қарори асосида амалга оширилади. Конституциявий суднинг судьяси жиноий жавобгарликка тортилганда унинг ваколатларини тўхтатиш уни жиноий жавобгарликка тортишга розилик бериш билан бир вақтда амалга оширилади.

Конституциявий суд судьянинг ваколатларини уларни тўхтатиш асослари бекор бўлгунга қадар тўхтатади. Судья ваколатларини тиклаш Конституциявий суднинг қарори билан расмийлаштирилади.

VII. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ БОШҚА МАСАЛАЛАРИ

80-модда. Хизматга оид кенгаш

Конституциявий суднинг раиси ёки унинг ўринбосари Конституциявий суд ва унинг девони фаолияти масалалари юзасидан Конституциявий суд судьяларини, девон ходимларини хизматга оид кенгашларга чақиради.

Конституциявий суднинг раиси ва унинг ўринбосари йўқлигида ёки улар ўз вазифаларини бажаришининг имконияти бўлмаган тақдирда хизматга оид кенгашларни энг катта ёшли судья чақиради.

Қабул қилинган қарорлар хизматга оид кенгаш баённомасига киритилади.

81-модда. Конституциявий суд раисининг Конституциявий суд фаолиятини ташкил этиш бўйича ваколатлари

Конституциявий суднинг раиси:

Конституциявий суднинг ишига раҳбарлик қилади, судьялар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда, халқаро муносабатларда Конституциявий суд номидан иш кўради;

Конституциявий суд девонининг таркибий тузилишини ва штат жадвалини тасдиқлайди;

Конституциявий суд девони ишига умумий раҳбарлик қилади;

юридик шахснинг раҳбари сифатида қонун ҳужжатлари билан унга берилган ҳуқуқлардан фойдаланади ва юкланган мажбуриятларни бажаради;

Конституцивий суд ишини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амага оширади.

Конституциявий суд раиси Конституциявий суднинг фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан фармойишлар чиқаради.

82-модда. Конституциявий суд раиси ўринбосарининг ваколатлари

Конституциявий суд раисининг ўринбосари Конституциявий суд судьясининг барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва мажбуриятларини бажаради, Конституциявий суднинг раиси бўлмаган тақдирда ёхуд унинг топшириғига асосан унинг вазифасини бажаради.

83-модда. Конституциявий суд ишини молиявий таъминлаш

Конституциявий суднинг ишини молиявий таъминлаш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

84-модда. Конституциявий суднинг девони

Конституциявий суднинг фаолият кўрсатишини таъминлаш учун Конституциявий суднинг девони тузилади. Конституциявий суд девонининг иши Конституциявий суд девони тўғрисидаги низом асосида ташкил этилади.

85-модда. Конституциявий суд девонида иш юритиш

Конституциявий суд девонида иш юритиш Конституциявий суд девонида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш тўғрисидаги йўриқнома билан тартибга солинади.

86-модда. Конституциявий суднинг расмий нашри

Конституцивий суднинг расмий нашри бўлиб “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ахборотномаси” ҳисобланади. Унда Конституциявий суднинг қарорлари, Конституциявий суд томонидан ўтказиладиган тадбирлар ҳамда хорижий мамлакатлар конституциявий назорат органлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги материаллар чоп этилади.

“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ахборотномаси” таҳрир ҳайъатининг таркиби Конституциявий суд томонидан тасдиқланади.

87-модда. Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳатлашув кенгаш

Конституциявий суднинг судьяларига илмий-маслаҳатлашув ёрдам кўрсатиш, Конституциявий суд ўз вазифаларини амалга ошириши билан боғлиқ айрим муаммоларни илмий жиҳатдан ишлаб чиқиш, унинг юридик илмий муассасалар, амалиётчи юристлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш учун Конституциявий суд ҳузурида Илмий-маслаҳатлашув кенгаш тузилади.

Илмий маслаҳатлашув-кенгаш Конституцивяий суд томонидан тузилади. Кенгаш аъзолари сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги олимлар ва мутахассислардан иборат бўлади. Кенгаш жамоатчилик асосида фаолият юритади. Илмий-маслаҳатлашув кенгаш раис, раис ўринбосари, илмий котиб ва кенгаш аъзоларидан иборат бўлади.

88-модда. Конституциявий суднинг давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари

Конституциявий суд ўзининг фаолиятини илмий-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, тажриба ўрганиш, ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар юзасидан ахборот алмашиш мақсадида конституциявий суд ишларини юритиш тартиб-таомиллари доирасидан ташқарида давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан ўзаро муносабатларга киришиши мумкин.

Бундай ўзаро муносабатлар ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларни тузиш, ахборот алмашиш, биргаликда тадбирлар ташкил этиш йўли билан ва бошқа шаклларда амалга оширилади.

89-модда. Конституциявий суднинг хорижий мамлакатларнинг конституциявий назорат органлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари

Конституциявий суд хорижий мамлакатларнинг конституциявий назорат органлари ва халқаро ташкилотлар, уларнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналари билан муносабатлар сақлаб туради.

Бундай ўзаро муносабатлар ҳамкорлик тўғрисида келишувлар тузиш, ўзаро тажриба ўрганиш, қарорлар ва бошқа ахборот билан алмашиш, биргаликда тадбирлар ташкил этиш йўли билан ҳамда бошқа шаклларда амалга оширилади.

Конституциявий суд конституциявий одил судлов соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиши мумкин.

90-модда. Конституциявий суд Регламентининг кучга кириши

Мазкур Регламент қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.