eye
Низом
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ ҲУЗУРИДАГИ ИЛМИЙ-МАСЛАҲАТЛАШУВ КЕНГАШИ ТЎҒРИСИДА Н И З О М

1. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузурида маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган илмий-маслаҳат кенгаши тузилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши (бундан буён матнда Илмий-маслаҳат кенгаши деб юритилади) ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди регламенти ҳамда мазкур Низомга мувофиқ амалга оширади.

2. Илмий-маслаҳат кенгашининг вазифа ва функциялари

3. Илмий-маслаҳат кенгашининг вазифаси ҳуқуқ фани ва конституциявий назорат масалаларида, шунингдек ривожланган хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларидан фойдаланишда Конституциявий судга ёрдам беришдан иборат.

4. Илмий-маслаҳат кенгаши қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Конституциявий суднинг фаолиятига оид масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқади;

Конституциявий суд мажлисига киритилган масалалар юзасидан илмий асосланган тавсиялар беради;

конституциявий назоратни амалга оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

конституциявий суд ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига Конституциявий суд томонидан мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида тақдим этиладиган ахборот юзасидан таклифлар киритади.

3. Илмий-маслаҳат кенгашининг таркиби ва уни шакллантириш тартиби

5. Илмий-маслаҳат кенгашининг таркиби сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали миллий ва хорижий мутахассислардан иборат бўлади. Фан ва амалиёт бошқа тармоқларининг Илмий-маслаҳат кенгашига аъзо бўлмаган мутахассислари ҳам унинг ишига жалб этилиши мумкин.

6. Илмий-маслаҳат кенгаши Конституциявий суд раисининг тақдимига биноан Конституциявий суднинг мажлисида Кенгаш раиси, раисининг ўринбосари, котиби ва аъзоларидан иборат таркибда сайланади.

7. Конституциявий суд раисининг ўринбосари лавозимига кўра Илмий-маслаҳат кенгашининг раиси, Конституциявий суд Экспертлар гуруҳининг раҳбари лавозимига кўра Илмий-маслаҳат кенгашининг котиби ҳисобланади.

8. Илмий-маслаҳат кенгашининг таркиби ҳар уч йилда ёки заруратга қараб қайта кўриб чиқилиши мумкин.

4. Илмий-маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкил этиш

9. Илмий-маслаҳат кенгаши мажлисларида кўриб чиқиш учун масалаларни Конституциявий суднинг раиси ёки унинг ўринбосари киритади.

10. Илмий-маслаҳат кенгашининг мажлислари илмий мунозара ва эркин фикр билдириш вазиятида ўтказилади.

11. Илмий-маслаҳат кенгашининг қарорлари тавсиявий характерга эга.

12. Илмий-маслаҳат кенгашининг раиси унинг ишини ташкил этади, мажлислар чақиради, кенгашнинг тавсияларини тайёрлаш юзасидан унинг аъзоларига топшириқлар беради.

13. Илмий-маслаҳат кенгашининг котиби унинг ишини ташкилий жиҳатдан таъминлайди, мажлисларга материаллар тайёрлайди, мажлис баённомаларини юритади, иш юритишни олиб боради.

14. Илмий-маслаҳат кенгаши мажлислари видеоконференцалоқа тарзида ўтказилиши мумкин.

5. Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

15. Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси Конституциявий суднинг мажлисида кўриб чиқилаётган масала юзасидан ўзининг фикрини баён этишга ҳақли.

16. Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси кенгаш мажлисларида иштирок этиш, кун тартибидаги масалалар юзасидан илмий-назарий тавсиялар ва таклифлар бериш ҳуқуқига эга.

17. Илмий-маслаҳат кенгашининг қабул қилинган қарорига қўшилмаган аъзоси алоҳида фикр тақдим этишга ҳақли бўлиб, бу фикр Конституциявий суд раҳбариятига маълум қилинади.

18. Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси хизмат маълумотлари ёки судда кўрилаётган иш материалларини ошкор қилмаслик мажбуриятини олади.

6. Якуний қоидалар

19. Илмий-маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкилий-техник воситалар билан таъминлаш Конституциявий суд девонининг зиммасига юкланади.

20. Илмий-маслаҳат кенгаши ҳар йили ўз фаолияти тўғрисида Конституциявий суд мажлисида ахборот беради.

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш